Статья опубликована в рамках: XCI Международной научно-практической конференции «История, политология, социология, философия: теоретические и практические аспекты» (Россия, г. Новосибирск, 02 апреля 2025 г.)
Наука: Философия
Секция: История философии
Скачать книгу(-и): Сборник статей конференции
дипломов
ИМОМ АЛИ ИЖТИМОИЙ-ФАЛСАФИЙ ҚАРАШЛАРИНИНГ АРАБ ШЕЪРИЯТИДАГИ ИНЪИКОСИ
ОТРАЖЕНИЕ СОЦИАЛЬНО-ФИЛОСОФСКИХ ВЗГЛЯДОВ ИМАМА АЛИ В АРАБСКОЙ ПОЭЗИИ
Очилов Сарвар Сафаевич
Исследователь Национального университета Узбекистана имени Мирзо Улугбека,
Узбекистан, Ташкент.
THE REFLECTION OF IMAM ALI'S SOCIO-PHILOSOPHICAL VIEWS IN ARABIC POETRY
Sarvar Ochilov
National University of Uzbekistan named after Mirzo Ulugbek, researcher,
Uzbekistan, Tashkent.
АННОТАЦИЯ
В статье рассматриваются социально-философские взгляды Имама Али ибн Абу Талиба, четвертого из праведных халифов, и их отражение в арабской поэзии. В сравнительном аспекте анализируется творчество арабских поэтов Абу-ль-Атахия, аль-Мутанабби и Абу-ль-Аля аль-Маарри, которые следовали за Имамом Али в раскрытии таких тем, как бытие и небытие, смерть, исчезновение существующих вещей, непостижимость Бога, его вечность, сотворение человека из глины и воды, от одного отца и матери, душа, человеческая природа, хорошие и плохие нравы. Особое внимание акцентируется на том, как социально-философские взгляды Имама Али повлияли на творчество этих поэтов.
ABSTRACT
This article examines the socio-philosophical views of Imam Ali ibn Abu Talib, the fourth of the Rightly Guided Caliphs, and their reflection in Arabic poetry. It conducts a comparative analysis of how Arab poets such as Abu-l-Atahiya, Al-Mutanabbi, and Abu-l-Ala al-Maarri followed Imam Ali’s thoughts on fundamental themes, including existence and non-existence, mortality, the transience of life, the incomprehensibility and eternity of God, the creation of humanity from mud and water, shared human ancestry, the nature of the heart, human character, and moral conduct. The study explores the influence of Imam Ali’s socio-philosophical ideas on the works of these poets, highlighting the continuity of his intellectual legacy in Arabic literature.
Keywords: Imam Ali; Abu-l-Atahiya; Al-Mutanabbi; Abu-l-Ala al-Maarri; death; the disappearance of existing things; the eternity of God; the heart; human nature; good morals; bad morals.
Ключевые слова: Имам Али; Абу-ль-Атахия; аль-Мутанабби; Абу-ль-Аля аль-Маарри; смерть; исчезновение существующих вещей; вечность Бога; душа; человеческая природа; хорошие нравы; плохие нравы.
Хулафои рошидиннинг тўртинчиси бўлган Имом Али давлат арбоби бўлиш баробарида ижод билан ҳам шуғулланган. Унинг бизгача хутбалар, хатлар ва ҳикматли сўзлар тўплами – “Наҳж ал-балоға” асари ҳамда шеърий девони етиб келган.
Буюк ўзбек шоири Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг шоирларга бағишланган “Назм гулистонининг хушовоз қушлари” фаслида Имом Алининг ислом шеъриятида тутган мақоми ҳақида гапириб, шундай деган: “... Мана шу азиз ва шарофатли зотлар гуруҳининг энг улуғ пешвоси ва энг биринчиси ва энг сараси, валийлик денгизининг гавҳари ва каромат пешаларнинг энг юксак юлдузи – мўъминларнинг амири ҳазрат Алидирларким, ҳақ у кишидан рози бўлсин ва юзларини ёруғ қилсин. У кишининг шеърий девонлари бор бўлиб, унга яширинган сир ва маъноларнинг чегараси йўқдир” [1, с. 26].
Юқоридаги иқтибосдан кўринадики, Алишер Навоий Имом Алини “мана шу азиз ва шарофатли зотлар гуруҳининг энг улуғ пешвоси ва энг биринчиси” деб атади. Демак, Имом Алини ислом шоирларининг пешвоси деб ҳисоблашимиз мумкин. Ислом шоирлари кейинги даврларда яшаб ижод қилган араб, форс ва туркий шеърият намояндаларидир. Имом Али бу шоирларга шу жиҳатдан пешво эдики, унинг шеъриятидаги ижтимоий-фалсафий қарашлар бу шоирлар шеъриятида инъикос этган эди.
Имом Али ижтимоий-фалсафий қарашларининг араб шеъриятидаги инъикосини араб шоирларидан Абу-л-Атоҳия, Мутанабби ва Абул-Ало ал-Мааррий ижодида кузатамиз.
Маълумки, фалсафада борлиқ масаласи йўқлик билан бирга кўриб чиқилади. Кеча ва бугун бор бўлган нарсанинг эртага йўқ бўлиши, йўқликка айланиши табиий ҳол. Бугунги воқелик эртага йўқликка айланади. Тирик мавжудотлар вақти билан ўлик бўлади, ҳаёт ўлимга айланади. Ўлим – ҳаётнинг йўқлигидир. Ўлим, мавжуд нарсаларнинг йўқ бўлиши мавзуси нафақат мутафаккирларни, балки шоирларни ҳам қизиқтирган. Жумладан, Имом Али шеърларида бу мавзуга мурожаат қилган. У бир шеърида вақт ўтиши билан ер юзида қанча халқлар йўқ бўлиб кетгани, улар қолдирган излар бундан дарак беришини айтган. Бу дунёда ҳеч нарса бардавом эмас:
“Йўқ бўлиб кетган халқлар ҳақида (ўтган) кунлардан сўра. Зеро, (шу халқлар қолдирган) излар, белгилар сенга улар ҳақида хабар беради.
Ўлим маконида абадийликни хоҳлайсан. Сенинг хоҳлаётганингни сенга ўхшаганларнинг қанчаси хоҳлаган.
Бепарвосан, лекин ўлим сенга бепарво эмас. Ўлимни ҳис қил, эй сен бепарво.
Фано (йўқлик)ка кўнгил бердинг. Ваҳоланки, ўзинг ҳам йўқ бўласан. Дунёда ҳеч нарса бардавом эмас.
Эртага ўласан. Сен эса ортиқча нарсаларга хурсандсан. Гўё уларнинг қаърида сузасан” [3, с. 129].
Имом Али бошқа шеърида ҳатто шоҳлар ҳам ўлимдан омон қолмаслиги, бойлик меросхўрларга қолиши, қурилган уйлар замона зайли билан бузилиб кетиши, йўқ бўлиши, қанча шаҳарлар харобага айлангани ҳақида сўз юритди:
“Ҳукмрон бўлган шоҳлар қани? Уларга ўлим соқийси ажал қадаҳидан ичирди.
Биз бойликларимизни меросхўрлар учун тўплаймиз ва уйларимизни замона (зайли) билан бузилиб кетиши учун қурамиз.
Дунёда барпо қилинган қанча шаҳарлар харобага айланди. Ўлим эса уларнинг яқинида бўлганни айблади” [4, с. 267–268].
Имом Али яна бир шеърида ўлим ҳеч кимни, отани ҳам, болани ҳам қолдирмаслигини, Пайғамбар абадий бўлмагани каби одамлар абадий эмаслигини, ажалнинг бехато ўқлари отилиши, кимга бугун тегмаса, эртага тегишини айтди:
“Ўлим отани ҳам, болани ҳам қолдирмайди. Бу йўл оқибатида ҳеч кимни кўрмассан.
Пайғамбар ҳам ўз уммати учун абадий қолмади. Агар Аллоҳ одамларни абадий қилганида ул зотдан олдин абадий бўлардилар.
Бизга ажалнинг бехато ўқлари отилган. Агар кимга бугун ўқ тегмаса, эртага тегади” [3, с. 133].
Имом Али бошқа шеърида кишини хизматкорлари, соқчилари ҳам ўлимдан ҳимоя қилолмаслиги, совут ҳам, қалқон ҳам ажал ўқлари олдида ожиз экани ҳақида фикр билдирди:
“Хизматкорлар ва соқчилар билан ҳимоялансанг ҳам бир зум ўлимдан бехатар бўлмайсан.
Билгил, ажал ўқлари бизлардан ҳар бир совут кийган ва қалқон тутганни шикастлайди” [3, с. 131].
Ўлим, тирикларнинг ўлиши, қурилган уйларнинг бузилиши мавзуларига юқорида зикр қилинган араб шоирларидан Абу-л-Атоҳия ижодида кўп мурожаат қилган. Жумладан, у шундай деган:
“Ўлим учун туғингиз, бузилиб кетиши учун қурингиз. Барчангиз йўқ бўласиз.
Ким учун қурамиз. Биз тупроқдан яралганимиздек, яна тупроққа кирамиз.
Эй ўлим! Сендан қочиб бўлмаслигини кўрдим. Сен келдинг ва адолатсизлик қилмайсан, ҳеч кимнинг тарафини олмайсан.
Гўё сен кексалик даври ёшлигимга ҳужум қилгани каби кексалик давримга ҳужум қилдинг” [5, с. 46].
Абу-л-Атоҳия иккинчи байтда одамзоднинг тупроқдан яралгани ва тупроққа киришини айтди. Имом Али бир шеърида одамларнинг ердан яралгани ва унга қайтишларини айтган эди. Демак, Абу-л-Атоҳия бу мавзуда Имом Алига эргашган.
Абу-л-Атоҳия бошқа шеърида шундай деган:
“Мен ҳаётни жуда хоҳлайман. Ҳаётимнинг йўллари ўлим билан боғланган.
Ўлимнинг хабарчи чорловчиси бор. Аммо мен одамларнинг унинг чорловчисидан ғафлатда эканларини кўраман” [5, с. 83].
Абу-л-Атоҳия иккинчи байтда одамларнинг ўлимдан ғафлатда эканларини айтди. Имом Али эса юқорида келтирилган биринчи шеърда одамзоднинг ўлимга бепарво эканини айтган эди. Бундан Абу-л-Атоҳиянинг бу борада Имом Алига эргашганини кўриш мумкин.
Абу-л-Атоҳия бир шеърида шундай деган:
“Шоҳлар, шоҳлар ўғиллари қани? Уларнинг барчаси тупроқда жасад бўлдилар” [5, с. 83].
Имом Али юқоридаги иккинчи шеърида “Ҳукмрон бўлган шоҳлар қани? Уларга ўлим соқийси ажал қадаҳидан ичирди” деган бўлса, Абу-л-Атоҳия эса “Шоҳлар, шоҳлар ўғиллари қани? Уларнинг барчаси тупроқда жасад бўлдилар” деди. “Ажал қадаҳидан ичиш” ҳақида Абу-л-Атоҳия ҳам сўз юритган:
“Гўёки сен уларнинг орасида ёт бўлдинг. Ажал қадаҳидан тоза ичирилдинг” [5, с. 80].
Имом Али иккинчи шеърида яна “Биз бойликларимизни меросхўрлар учун тўплаймиз” деган фикрни билдирди. Абу-л-Атоҳия бир шеърида шунга ўхшаш фикрни айтган:
“Мен тўплайдиган бойлик ким учун? Ўзим учунми ёки оилам ва фарзанд учунми?”[5, с. 127] Бу Абу-л-Атоҳиянинг Имом Алига эргашганини кўрсатади. Шунингдек, Абу-л-Атоҳия қурилган нарсанинг бузилиши ҳақида гапирди:
“Эй тунларда бузилиши учун қурувчи! Хоҳлаганингни қур, бузилиб кетади” [5, с. 52]. Бу Имом Алининг “уйларимизни замона (зайли) билан бузилиб кетиши учун қурамиз” деган фикрига ўхшашдир.
Имом Али юқорида келтирилган учинчи шеърида “ўлим отани ҳам, болани ҳам қолдирмаслиги” ҳамда “бизга ажалнинг бехато ўқлари отилгани, агар кимга бугун ўқ тегмаса, эртага тегиши” тўғрисида фикрлар билдирди. Абу-л-Атоҳия девонида ҳам шунга ўхшаш фикрлар билдирилган сатрлар мавжуд. Жумладан, у бир шеърида шундай деган:
“На ота ўлмасдир ва на фарзанд. Ҳар бир сабрлига сабр хиёнат қилади” [5, с. 147]. Бошқа шеърида эса шундай деган:
“Биродарим! Мен тақдирнинг (мўлжалга) тегувчи ўқларини кўряпман. Агар тақдир бизга (ўқ) отса, унинг ўқлари хато кетмайди” [5, с. 373]. Бу сатрлардан кўринадики, Абу-л-Атоҳия бу мавзуларда Имом Алига эргашган.
Абу-л-Атоҳия девонида яна шундай шеърий сатрлар мавжуд:
“Ўлим унинг ҳузурига аста-секин ўлдирувчи бўлиб келди ва панадан ҳийла билан енгади.
Унинг атрофидаги аскарлари ва унга ёрдамга шошилганлар ҳам уни қутқармадилар” [5, с. 207]. Абу-л-Атоҳиянинг бу сатрлари Имом Алининг юқоридаги тўртинчи шеъридаги “хизматкорлар ва соқчилар билан ҳимоялансанг ҳам бир зум ўлимдан бехатар бўлмайсан” деган фикрига ўхшашдир.
Биз зикр қилган араб шоирларидан иккинчиси Мутанабби ҳам шеъриятида ўлим мавзусига мурожаат қилган. Жумладан, у шундай деган:
“Жолинус тиббиёти билан ўлганидек, қўйчивон жоҳиллиги билан ўлади” [6, с. 558]. Бу байт мазмунидан кўринадики, ўлим ҳеч кимни четлаб ўтмайди. Жоҳил қўйчивон ҳам, ҳатто машҳур табиб Жолинус ҳам ўлган.
Мутанабби ҳам ўлим ва мавжуд нарсаларнинг йўқ бўлиши мавзусида Имом Алига эргашган эди. Бунга Мутанаббининг қуйидаги сатри мисол бўлади:
“Қудратли кисролар қани? Бойликларни тўпладилар ва (бу бойликлар) қолмади, улар ҳам қолишмади” [6, с. 28]. Мутанабби бу сатри билан Имом Алининг “Ҳукмрон бўлган шоҳлар қани? Биз бойликларимизни меросхўрлар учун тўплаймиз” деган фикрига эргашганини кўриш мумкин.
Имом Али илоҳий борлиқ ҳақида гапириб, Аллоҳнинг моҳиятини идрок қилиб бўлмаслигини айтган. Имом Алидан кейин Абул-Ало ал-Мааррий ҳам бу борада фикр билдирган. У шундай деган:
“Илоҳ эса мен уни идрок қилмайдиган ишдир. Ер устида авлодинг учун жаҳлдан эҳтиёт бўл” [2, с. 75].
Имом Али мавжудотларнинг яратувчиси бўлган Аллоҳнинг азалийлигини эътироф этган. Бунга унинг қуйидаги сатри ҳам мисол бўла олади:
“Аллоҳ тирик, азалий, қодир ва абадийдир. Унинг мулкида ҳеч ким унга шерик бўлолмайди” [3, с. 24].
Абул-Ало ал-Мааррий ҳам Аллоҳнинг азалий зотлигини эътироф этган. У бу ҳақда шундай деган:
“Бизнинг холиқимиз (Яратувчимиз) бор. Ақл Унинг азалийлигига шубҳа қилмайди. Бу янги пайдо бўлган гап эмас” [2, с. 227]. Юқоридагилардан кўринадики, Абул-Ало ал-Мааррий бу мавзуларда Имом Алига эргашган.
Имом Али одамзоднинг лой ва сувдан бунёд бўлганлигини айтган. Унинг бу фикри Қуръон таълимоти билан боғлиқ. У бу ҳақда шундай деган:
“Агар уларнинг келиб чиқишида шараф бўлса, бу билан фахрлансалар, лой ва сувдир” [3, с. 99].
Имом Али бу сатрида одамларни келиб чиқишлари, яъни насл-насаблари билан фахрланишдан қайтарган. Уларнинг келиб чиқишлари бир, яъни лой ва сув эканига ишора қилган. Юқорида зикр қилинган араб шоирларидан Абу-л-Атоҳия бу борада Имом Алига эргашган. У шундай деган:
“Бир кун ҳам такаббурлик кийимларида юрма. Чунки сен лой ва сувдан яралгансан” [5, с. 12].
Шунингдек, Имом Али одамларнинг бир ота ва она, яъни Одам Ато ва Момо Ҳавводан яралганини эътироф этган. Бунга унинг қуйидаги шеърий сатри мисол бўлади:
“Эй, нодонлик қилиб насл-насаб билан фахрланувчи (кимса). Дарҳақиқат, одамлар (бир) она ва отага мансубдир” [4, с. 74].
Абу-л-Атоҳия ҳам одамларнинг бир ота ва онадан яралганини эътироф этган. У бу ҳақда шундай деган:
“Биз бир ота ва онадан яралдик. Аммо биз мол-мулкда ҳар хил оналарнинг фарзандларимиз” [5, с. 373]. Бу ерда Абу-л-Атоҳия одамлар бир ота ва она (Одам Ато ва Момо Ҳавво)дан яралган бўлсаларда, ҳар хил оналарнинг тарбиясини кўрганлари учун мол-мулкка ҳар хил муносабатда бўлишларини назарда тутган. Юқоридаги байт мисолида ҳам Абу-л-Атоҳия Имом Алига эргашганини кўриш мумкин.
Имом Али кўнгил ҳақида фикр билдириб, шундай деган:
“Бойлик ҳам, камбағаллик ҳам кўнгиллардадир. Агар улар (кўнгиллар) кифояланса, уларни қониқтирадиган нарсалар оз бўлади” [3, с. 54].
Абу-л-Атоҳия ҳам бу борада фикр билдирган:
“Дарҳақиқат, бойлик кўнгиллардадир. Қудрат на кумуш ва на олтин эмас, балки Аллоҳнинг тақвосидир” [5, с. 57].
Имом Али кўнгиллар ҳақида фикр билдиргач, кўнгиллар бойлиги тўғрисида ҳам фикр билдирди:
“Кўнгиллар бойлиги – бу ҳаёт учун зарур бўлган озиқовқатдир.
Агар (кўнгиллар) рад этса, ердаги барча нарсалар уларга кифоя қилмайди” [4, с. 264].
Абу-л-Атоҳия ҳам шунга ўхшаш фикр билдирган. У шундай деган:
“Дарҳақиқат, қаноат ҳаёт учун зарур бўлган озиқ-овқат билан, у – бойликдир. Фақирлик бойликлардаги фақирликнинг ўзидир” [5, с. 330].
Имом Али феъл-атвор, хулқларни ўзлаштириш инсон табиатига боғлиқ деб ҳисоблаган. У бу ҳақда шундай деган:
“Феъл-атвор, хулқларни ўзлаштириш табиатга қайтмасдан қолмайди” [4, с. 168].
Бу билан Имом Али инсон табиатининг яхшилик ёки ёмонликка мойил бўлишини назарда тутди. Юқорида зикр қилинган араб шоирлари Имом Алидан кейин инсон табиати ҳақида фикрлар билдиришди. Жумладан, Абу-л-Атоҳия шундай деган:
“Ҳар бир одамда икки хил табиат бор: яхши ва ёмон. Улар қарама-қаршидир” [5, с. 494].
Абул-Ало ал-Мааррий эса одамларни ёмон табиатли деб билган. У бу ҳақда шундай деган:
“Агар одамларни улар яшайдиган хулқлар фарқласа, зеро, улар ёмон табиатда тенгдирлар” [2, с. 40].
Имом Али яхши хулқларни пок хулқлар деб атаган. Абу-л-Атоҳия ҳам яхши хулқларни пок хулқлар деб айтган:
“Аллоҳдан гуноҳимни афв этишини ва пок хулқлар билан яхши ҳаёт кечиришни сўрайман” [5, с. 98].
Имом Али яхши хулқлардан ҳилм (ювошлик, беозорлик), саховат, яхшилик, сабр, шукр, қаноатни зикр қилган. Араб шоирларидан Абу-л-Атоҳия ва Мутанабби ҳам бу яхши хулқлар тўғрисида фикрлар билдиришган. Жумладан, Абу-л-Атоҳия ҳилм (ювошлик, беозорлик) тўғрисида шундай деган:
“Йигитнинг беозорлиги уни безайди. Фазлининг мукаммал безаги тарбиясидир” [5, с. 61].
Мутанабби эса саховат, яхшилик ҳақида фикр билдирган:
“Агар хайр-саховатни тугал қилмаса, сахийнинг хайр-саховатни тарк этгани яхши” [6, с. 323].
Абу-л-Атоҳияда сабр хусусида шундай сатр мавжуд:
“Йигитнинг амалидаги энг яхши ютуғи шуки, қийинчилик ва давлатмандликка сабрдир” [5, с. 98].
Мутанабби шукр борасида шундай деган:
“Агар фазл сени инъомга бўлган нуқсонли шукрдан халос қилмаса, фазл кимда шукр бўлса, шундадир” [6, с. 189].
Имом Али ҳасад, бахиллик, ғазаб, шаҳват, қўрқоқлик, зулм каби ёмон хулқлар ҳақида ҳам фикрлар билдирган. Абу-л-Атоҳия ва Мутанабби девонида шу мавзудаги шеърий сатрлар мавжуд. Жумладан, Абу-л-Атоҳия ҳасад тўғрисида шундай деган:
“Кимки одамларнинг бойлигига ҳасад қилса, ғам-ғуссани қийинчиликлари билан гарданига олади” [5, с. 15].
Мутанабби ҳам ҳасад хусусида фикр билдирган:
“Ҳасадчига меҳр кўрсатиб, меҳр берсангда, ундан меҳрни тама қилма” [6, с. 360].
Мутанабби яна бахиллик ёки хасислик борасида шундай деган:
“Пасткашлардан бўлган хасис хасис бўлганидек, феъл-атвори билан хасис бўлмаганларга азият етказади” [6, с. 571].
Абу-л-Атоҳия девонида ғазаб хусусида шундай сатр мавжуд:
“Душманлар ичида мен уларни синаб кўрганимда, кишининг ақлига ғазабдан кўра адоватли душманни кўрмадим” [5, с. 49].
Абу-л-Атоҳия шунингдек, шаҳват ҳақида ҳам гапирган:
“Фазл аҳли фақат шаҳватлардан ўзни тийиш ва нафратни қўзғайдиган нарсаларга чидаш орқали муваффақият қозонади” [5, с. 463].
Ёмон хулқлардан қўрқоқлик тўғрисида Мутанабби шундай деган:
“Агарда ўлимдан қочиб бўлмаса, қўрқоқ бўлишинг ожизликдир” [6, с. 474].
Мутанабби девонида зулм борасида шундай дейилган:
“Зулм кўнгилларнинг хусусиятларидан. Агар яхши фазилатлини топсанг, асосли равишда зулм қилмайди” [6, с. 571].
Араб шоирлари Абу-л-Атоҳия, Мутанабби ва Абул-Ало ал-Мааррий шеърий сатрларини Имом Али шеърий сатрлари билан қиёсий кўриб чиқиш натижасида уларнинг Имом Алига эргашганлиги, Имом Алининг ижтимоий-фалсафий қарашлари мазкур араб шоирлари шеъриятида инъикос этгани аён бўлди.
Адабиётлар рўйхати:
- Алишер Навоий. Маҳбуб ул-қулуб. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1983. – Б. 26.
- Ал-Лузумийят ли-шоир ал-фалосифа ва файласуф аш-шуаро “Абил-Ало ал-Мааррий”. Таҳқиқ Амин Абдулазиз ал-Хонжий. Ал-Жуз ас-сани. – Байрут: Мактабат ал-ҳилол; – Қоҳира: Мактабат ал-Хонжий.
- Дивану-л-имам Али ибни Аби Талиб (каррамаллоҳу важҳаҳ). – Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-илмийя лин-нашр ват-тавзиъ, 1993.
- Дивану-л-имам Али ибни Аби Талиб (розияллоҳу анҳу). Таҳқиқ ад-дуктур Абдулмажид Ҳумув. – Байрут: Дор Содир, 1431 ҳ. – 2010 м.
- Дивану Аби-л-Атоҳия. – Байрут: Дору Байрут лит-тибоъа ван-нашр, 1406 ҳ.й. – 1986 м.й.
- Диван ул-Мутанабби. – Байрут: Дору Байрут лит-тибоъа ван-нашр, 1403 ҳ.й. – 1983 м.й.
дипломов
Оставить комментарий